• O'zbekiston Respublikasi Buxoro viloyat Buxoro shahar A.Navoiy 3-uy

Yangiliklar

2024-07-11

Шофиркон туманидаги йирик савдо комплекслари фаолияти ўрганилди

Бухоро вилоят ҳокими Б.Зарипов топшириғига асосан Бухоро вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси раиси Ж.Мутахаров бошчилик вилоят ишчи гуруҳи томонидан Шофиркон тумани йирик савдо комплексларида озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ўрганиш, қўлбола ва контрафакт товарлар айланмасига чек қўйишда жамоатяилик назоратини кучайтириш, истеъмолчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Дастлаб Шофиркон туманида бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатаётган “Комета” савдо комплексида раҳбари Ф.Расулов билан биргаликда ўрганиш ишлари олиб борилди. Россия Федерациясидан буюртма қилинган музлатгичлар, маҳсулотларни муайян ҳароратда сақлаш учун мўлжалланган техника қурилмалари таҳсинга лойиқ. Дўконнинг озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ кўздан кечирилиб, зарурий тавсия ва таклифлар берилди.

Сўнгра “Захратун” тармоқли савдо комплексига ташриф буюрилиб, барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари яроқлилик муддатлари кўздан кечирилди. Масъулларга зарурий тушунтиришлар берилиб, яроқлилик муддати яқинлашган товарларни аниқлашда кўмаклашадиган дастур бўйича фикр алмашилди.

Учинчи ўрганиш жараёни субъекти “Стар Маркет” савдо дўкони бўлиб, ушбу мажмуада таъбни хира қилувчи ҳолатга гувоҳ бўлинди. Болалар озуқаси, сут ва сут маҳсулотлари, ширинликлар ва ҳ.з 11 турдаги маҳсулотлар яроқлилик муддати ўтиб кетганлиги аниқланди. Савдо дўкони масъулларига бу бўйича зарурий тушунтиришлар берилиб, ҳолатни зудлик билан бартараф этиш зарурлиги бўйича кўрсатма берилди. 

Бухоро вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси Матбуот Хизмати